Infocom.uz

«Билайн» Ўзбекистонда «Мобил Этикет» номли лойиҳа бошлади

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган давра столи мазкур лойиҳа доирасидаги биринчи тадбирдир. Унда турли жамоат ташкилотларидан, жумладан, Йўл Ҳаракати Хавфсизлиги Бошқармаси, Халқ Таълими Бошқармаси, А. Навоий номидаги Давлат Академик Катта Театри, Жаҳон Иқтсиоди ва Дипломатия Университети ҳамда Марказий Осиё Православ Черковидан вакиллар иштирок этди.

«Одатда, уяли алоқа компанияларидан юқори технологияга асосланган янги хизматлар, хизмат кўрсатиш борасида қулайлик, ҳисоб-китобларнинг шаффоф тизими ва имтиёзли дастурларни кутишади. Аммо, жамият учун унинг таълим соҳасидаги роли ҳам катта аҳамият касб этади, бунда оператор алоқадан фойдаланувчиларга нафақат янги хизматлардан фойдаланишни ўргатади, балки уларни бутун дунёда қабул қилинган мобил сўзлашув андозалари хусусида ҳам хабардор қилади. Бизнингча, Ўзбекистонда ҳам мобил сўзлашув маданиятини жорий этиш фурсати етди. Ушбу таълимий лойиҳани ишга тушириш – бу Ўзбекистонда жамият ривожланишига қўшиладиган ўзига хос ижтимоий ҳиссадир»,- деди «Unitel» МЧЖ Бош директори Игорь Пилюгин.

«Мен мобил сўзлашув қонун-қоидалари катта аҳамиятга эга эканлигини жуда яхши биламан. Ахир бу замонавий киши умумий маданиятининг бир қисми саналади-ку. Ўйлайманки, биргаликда ишлаб, биз мактаб ва олий ўқув юртларида ўқувчи ва талабалар ўртасида сўзлашув маданиятини шакллантира оламиз»,- деди халқ таълими бошқармаси диагностика маркази психологи Самира Абдуазимова.

«Мобил этикетни билиш аҳолининг ҳар бир қатлами учун жуда зарурдир, чунки мобил телефондан фойдаланувчилар атрофдаги кишиларни ҳурмат қилишлари лозим ва шахсий ишлари бўйича гаплашаётганда, бошқаларни безовта қилишлари керакмас»,- дея қўшимча қилди маънавият тарғиботчиси Ўктамхон Холдорова.

«Жамоат жойлари, хизмат пайтида ва шахсий турмушда мобил телефонда сўзлашиш қоидалари худди йўл ҳаркати қоидалари сингари аҳоли ичида кенг тарқатилиши лозим,- деди Тошкент шаҳар Йўл Ҳаракати Хавфсизлиги Бош Бошқармаси тарғибот ишлари бўлими бошлиғи Азиз Эрназаров. – Рулга ўтирганда, диққатни бўлиб, бошқалар билан гаплашишни эмас, балки ҳаракат ва сафар хавфсизлигини ўйлаш зарур».

Ушбу лойиҳадан кўзланган мақсад нафақат жамоатчилик эътиборини маданият ва санъат муассасаларида мобил телефондан фойдаланиш муаммоларига қаратиш, уяли алоқа абонентларини дунёда қабул қилинган андозалар билан таништириш, балки Ўзбекистонда сўзлашув маданияти асосларини шакллантиришдан иборат. Бу борадаги қатор тадбирлар натижасида Ўзбекистонда ҳам Мобил Этикет Хартиясини имзолаш кўзда тутилган.

«Вымпелком» компаниялари гуруҳи («Beeline» савдо маркаси) «Мобил Этикет» лойиҳаси бўйича ишни 2005 йилнинг ноябрь ойида Санкт-Петербургда бошлади. У Россияда мобил сўзлашув маданиятини ишлаб чиқиш муаммосини кўтариб, жамоатчилик ва ОАВ ходимларига мурожаат қилди. 2006 йилнинг май ойида Россиянинг 21 та шаҳрида ўтказилган тадқиқот натижалари ўрганилди, унга кўра, сўралганларнинг 89 фоизи жамиятда мобил этикет қоидаларини кенг тарғиб қилишни қўллаб-қувватлашини билдирган. Навбатдаги босқичда йирик давра столлари ўтказилиб, уларда маданият ва санъат, сиёсат, бизнес соҳаси вакиллари, шунингдек, уяли алоқадан фойдаланиш бевосита хавфсизлик масалалари билан боғлиқ соҳадаги кишилар иштирок этди. Баҳслар жараёнида «Мобил этикет Хартияси» имзоланиб, унга Россиянинг турли ҳудудларидаги 130 дан ортиқ экспертлар қўшилди.

Facebook
Twitter
LinkedIn
Telegram
Email

Shuningdek o'qing:

Scroll to Top