Infocom.uz

КОМПЬЮТЕРЛАШТИРИШ ВА АХБОРОТ-КОММУНИКАЦИЯ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА МУВОФИҚЛАШТИРУВЧИ КЕНГАШНИНГ МАЖЛИСИ

Мажлисда кун тартиби бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий ҳокимият органлари томонидан давлат ахборот ресурсларини, давлат органларининг ахборот тизимларини рўйхатдан ўтказиш ҳамда интерактив давлат хизматларини расмий веб-сайтлар орқали амалга ошириш, Ҳукумат порталига маълумотларни тақдим этиш ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан даврий ҳисоботларни электрон кўринишда қабул қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Йиғилишда бугунги кунда жами 38 та давлат органларининг ахборот тизимлари рўйхатга олиниб, йил бошига нисбатан 25 тага кўпайганлиги, 149 та давлат ахборот ресурслари рўйхатга олиниб, йил бошига нисбатан 104 тага ортганлиги ҳамда базавий интерактив давлат хизматлардан 43 таси бўйича вазирлик ва идоралар томонидан кўрсатилиши билан бир қаторда 34 қўшимча интерактив давлат хизматлари расмий веб-сайтлар орқали кўрсатилаётгани айтиб ўтилди.

Интерактив давлат хизматларини сонини кўпайтириш ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги, хусусан, барча вазирлик ва идоралар ўзларининг асосий функциялари ва вазифаларидан келиб чиқиб бундай хизматларни кенгайтириш, мавжуд компьютер техникаларидан фойдаланиш самарасини ошириш бўйича тегишли чораларини кўришлари муҳимлиги таъкидланди.

Компьютер технологияларидан фойдаланган ҳолда давлат солиқ ва статистик ҳисоботларини электрон шаклда тақдим этишни жорий қилиниши тўғрисида Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат статистика қўмитаси раҳбариятининг ҳисоботлари тингланди. Давлат солиқ ва давлат статистика ҳисоботларини электрон шаклда қабул қилиш борасида Тошкент шаҳрида олиб борилаётган ижобий ишлар жараёни кўриб чиқилиб, республика бўйича жорий этилиши, барча вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимлик органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли билан ишлашда ҳужжат алмашинувини электрон шаклга ўтказилиши бўйича тегишли ахборот тизимларини яратиш юзасидан тавсиялар берилди.

Кўрилган масалалар бўйича мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди ҳамда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан Мувофиқлаштирувчи кенгаш ва соҳа мутахассислари томонидан кўрсатма ва таклифлар берилди. Йиғилиш натижалари юзасидан Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг қарори қабул қилинди.

Facebook
Twitter
LinkedIn
Telegram
Email

Shuningdek o'qing:

Scroll to Top